2022-05-17 17:33:37
Президент ҳокимларга синов бўладиган янги тизим ҳақида гапирдиБиржага ўз маҳсулотларини қўйган йирик корхоналар очиқ-ошкора савдолар ҳисобига ўтган йилнинг ўзида 8 триллион сўм қўшимча даромад қилгани таъкидланди. Илгари турли схемалар орқали коррупция бўлиб, даромадлар айрим “ўртакашлар” чўнтагида қолар эди.
Мисол учун, бир йил аввал бензинда давлат тақсимоти бекор қилиниб, эркин биржа савдосига қўйилгани ҳисобига бугунги кунда энг чекка “заправкалар”да ҳам сифатли бензин бор.
Ёки, ўтган уч йилда биржа майдончасида авторақамларни сотиш ҳисобига бюджетга 1 триллион сўм қўшимча тушум таъминланди.
Энг муҳими, бу соҳалардаги дефицит, коррупция, таниш-билишчилик йўқ бўлди.
Шу билан бирга, биржа савдоларини ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорларнинг иштирокини кенгайтириш борасида ҳали тизимли муаммолар мавжуд.
Мисол учун, биржа савдоларининг 85 фоизини 45 турдаги юқори ликвидли маҳсулотлар ташкил этмоқда.
Сўнгги йилларда ишлаб чиқарилиши кенг йўлга қўйилган текстиль, ипак, чарм, кабель маҳсулотларининг биржа савдоларидаги улуши паст.
Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда биржа савдолари анча фаоллашган. Лекин Сирдарё, Андижон ва Сурхондарёдаги корхоналарнинг биржа савдоларидаги иштироки пастлигича қолмоқда.
Шу билан бирга, Зангиота 37 турдаги, Кармана 24 турдаги, Данғара ва Жомбой 17 турдаги маҳсулотларни биржага чиқарган бўлса, Андижон, Нурота, Қизириқ, Боёвут туманларида атиги 1 турдаги маҳсулот биржага қўйилмоқда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга маҳаллий маҳсулотларни биржага олиб чиқишни туман даражасига тушириш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
“Мисол учун, 1 июлдан фермер ва кластерлар 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиши йўлга қўйилмоқда. Бу фермерлар учун 2 триллион сўм қўшимча даромад дегани.
Лекин, туман ҳокимларида фермер маҳсулотини биржага қандай олиб чиқиши, бу борада кимга мурожаат қилиши, яъни ишни қандай ташкил этиши бўйича аниқ режалар борми? Бу саволга бирорта ҳокимда ижобий жавоб йўқ”, деди Президент.
Маҳаллий маҳсулотларни биржада кўпайтириш бўйича янги тизим Ўртачирчиқ тумани мисолида тушунтирилди.
Янги тизим бўйича:
- туман ҳокими ғалла етиштирувчи фермер ва кластерлар кесимида буғдойни биржага олиб чиқиш ойма-ой режасини ишлаб чиқади;
- туман ҳокими ва Савдо-саноат палатасининг туман бўлими ушбу фермер ва кластерларни биржада рўйхатдан ўтказишни ташкиллаштиради;
- тадбиркорга қулай бўлиши учун Савдо-саноат палатаси туман бўлимида биржа савдо майдончаси ташкил этилади;
- ушбу савдо майдончасида тадбиркор, фермер ва кластерларга биржа ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмаклашилади;
- улар шу жойнинг ўзида биржа савдоларида иштирок этишга ўқитилади;
- фермерларга буғдойни биржага қўйганда гаров талаб этилмайди.
Биржа савдоси бўйича тадбиркор ва фермерлар учун содда ва лўнда методика ишлаб чиқилади.
Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Бунда фермерга тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлайди.
“Бу янги тизим фермер ва кластерларга мактаб, ҳокимларга эса синов бўлади”, деди Президент.
@teleradiouz_official
kanaliga obuna bo'ling!
https://t.me/teleradiouz_official
77 views14:33