2021-10-30 19:15:27
Бағдодлик болажонлар ҳам “Меҳржон” ҳосил байрамини нишонлашди"Бағдод туманидаги 14-сонли мактабгача таълим ташкилотида “Меҳржон” ҳосил байрами нишонланди", — дея хабар бермоқда Бағдод тумани МТБ раҳбари Озодахон Зияева.
Маълум қилинишича, олтин куз саховати, бободеҳқоннинг ундаги меҳнати, “Пахтаой” хирмони – буларнинг барчаси жажжи ширинтойлар томонидан саҳнада гавдалантирилган.
Тадбир болалар қалбида она ватанга муҳаббат, унинг бетакрорлиги ва муқаддаслигига ишонч, буюк мустақиллигимизга садоқат руҳини мустаҳкамлаб келаётган тарбиячи-педагоглар фарзандлар тасаввурини жаннатий ўлкамизнинг тароватли куз фасли, унинг зийнати ҳақидаги маълумотлар билан янада бойитган.
Таъкидланганидек, Дилобатхон Қорабоева раҳбарлик қилаётган 14-ДМТТда ўтказилган байрам тадбири ҳам тарбияланувчиларда бой таассурот қолдирган.
"Дунёда бола кулгусидек беғубор манзарани ҳали кўрмадим. Яқин 20 йилдирки, болажонлар тарбияси билан машғулман. Уларнинг бахтиёр нигоҳидан, шод-ҳуррамлигидан, ёрқин келажак ҳақидаги тасаввурларидан ўзимга куч, илҳом оламан. Боғчамизда ҳар қандай тадбир зўр уюшқоқлик ва юқори савияда ташкилланади. Бунда тарбиячи ходимларимизнинг, жажжи ўғил-қизларимизнинг ҳиссаси, фаол иштироки сезилиб туради. Куни кеча Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ташкилланган тадбир намойиши ҳам меҳмонларга жуда маъқул келди. “Меҳржон” ҳосил байрамини ҳам ана шундай кайфиятда ўтказдик.", — демоқда опа.
Тадбирда шунингдек, ҳар бир гуруҳ ўз иқтидори ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда олтин куз саховатини кўз-кўз қилувчи мева-сабзавотлар кўргазмасини намойиш қилган. Бунда тайёрлов ва катта гуруҳ тарбияланувчиларининг ижодкорлиги яққол ажралиб турди. Болажонлар кўргазмадан ўрин олган мева-сабзавотлар ҳамда полиз экинлари ҳақида тўлиқ маълумотлар берилган.
"Тадбир давомида турли эртаклар саҳнада жонлантирилди, қўшиқлар куйланди, рақслар ижро этилди. Гўзал юртимизнинг беқиёс табиати, боғларимизда, бепаён далаларимизда етиштириладиган сархил мевалар-у сабзавотлар тўғрисидаги маълумотлар болалар тилида янада жилоли бўлди. Энди тарбияланувчиларимиз билан 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига қизғин тадорик кўришни бошлаймиз", — дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди ташкилот методисти Моҳирахон Сиддиқова.
Қайд этилишича, ҳозирда 240 нафар бола тарбияланадиган мазкур мактабгача таълим ташкилоти бир неча бор “Энг обод маскан” сифатида эътироф этилган.
Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.https://telegram.me/joinchat/AAAAAEDksFCx3UHCy2rNlA
647 viewsedited 16:15