🔥 Burn Fat Fast. Discover How! 💪

Истихора намози Маълумки, Islom.uz сайтида берилаётган дарсла | ***

Истихора намози

Маълумки, Islom.uz сайтида берилаётган дарслар, янгиликлар, мақолалар ҳақида мухлисларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ёзиб қолдиришмоқда. Биз бундан мамнунмиз. Шундай маълумотларнинг бирида «Истихора» намози ҳақида маълумот беришимизни сўрашган. Бу намоз тўғрисида аввалроқ сайтимизда маълумот берилган бўлсада Аллоҳ таолонинг тавфиқини сўраган ҳолда азиз мухлисларимизга такроран ушбу намоз қай тарзда адо этилиши, дуолари тўғрисида батафсил маълумот бермоқчимиз. Аллоҳ таоло бериладиган маълумотларни халқимизга манфаатли ва фойдали қилсин, хато нуқсонларимизни Ўзи мағфират этсин!
«Истихора» сўзи луғатда хайрни талаб қилиш, деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганда, хайрлисини танлаш учун Истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора (хайрни талаб қилиб сўраш)ни худди Қуръондан сура ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: «Бирортангиз бир ишни қасд қилса, фарздан ташқари икки ракат намоз ўқисин. Сўнг:

اللهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ العَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلاَ أعْلَمُ، وَأنْتَ عَلاَّمُ الغُيُوبِ؛ اللهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أمْرِي، أوْ قَالَ : عَاجِلِ أمْرِي وَآجِلِهِ، فَاقْدُرْهُ لِي، وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أنَّ هَذَا الأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أمْرِي، أوْ قَالَ: عَاجِلِ أمْرِي وَآجِلِهِ، فَاصْرِفْهُ عَنِّي، [وَاصْرِفْنِي عَنْهُ]، وَاقْدُرْ لِي الخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ رَضِّنِي بِهِ.

«Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика, ва астақдирука биқудротика ва ас`алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ажилиҳи, фақдурҳу лий ва йассирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ажилиҳи фасрифҳу ъанний (васрифний ъанҳу) вақдурлийал хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ», деб ҳожатини айтсин», дедилар.
Маъноси: Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Эй Раббим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга баракотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, (ундан мени узоқлаштир) қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт.)
Имом Бухорий ривоятлари.

Уламолар: Намоз ва мазкур дуо билан истихора қилиш мустаҳаб амалдир», дейишган. У икки ракат бўлиб, фарз намозидан олдинги ёки кейинги суннат намозларида, таҳиййатул масжид ва бундан бошқа нафл намозларида ҳам ҳосил бўлаверади. Фотиҳа сурасидан кейин биринчи ракатда «Қул йа аййуҳал кафирун»ни, иккинчи ракъатда эса «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийди. Дуони юқорида зикр қилганимиз билан бошлаб, Аллоҳга ҳамд ва Расулуллоҳга саловот ва салом айтиш билан якунлайди. Ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, истихорани ҳар бир ишда қилиш мустаҳабдир. Агар истихора қилгандан кейин қалби қайси томонга мойил бўлса, ўшани бажараверади.

@dardkashingizbulay