Get Mystery Box with random crypto!

Иккитаси ўтирволиб, Ўзбекистон тақдирини муҳокама қилишибди К | IELTS DOWNTOWN

Иккитаси ўтирволиб, Ўзбекистон тақдирини муҳокама қилишибди

Кун бўйи маҳаллани бошида ўтириб, ўтганни ҳам, кетганни ҳам муҳокама қиладиган кампирлар бўлади, биласизми? Улар маҳалладаги ҳамманинг оилавий ва шахсий ҳаётига бурнини тиқиб, бировлар учун қарорлар қабул қилади, буни қиласан, уни қиласан, деб ақл ўргатишади, сенлар учун нима яхшилигини биз биламиз, деб даъво ҳам қилиб қўйишади. Ўшанақа кампирларни кўрганда, одамнинг афти бужмайиб, айланиб ўтгиси келади.

Владимир Соловьёв Беларусь фуқароси Лукашенкодан интервью олибди. Иккаласи 10-15 йилдан кейин Марказий Осиё давлатлари тақдири нима бўлишини ҳам муҳокама қилишибди.

Соловьёв олдиндан режалаштирилган ва аниқ мақсад сари йўналтирилган қуйидаги саволни берган:
"мени ўйлашимча, келгусида 350-450 млн одамдан иборат бирлашган давлат тузишимиз керак" деган.

Аҳа, ёқмай қолсин. Гап янги СССР ҳақида кетмоқда. Бу Россиянинг азалий орзуси-ку.

Лукашенко ҳам шу саволни кутган ва бунга олдиндан тайёр эди. Дарров бу фикрни қўллаб-қувватлаган. Белорусь аллақачон қўшилиб бўлган. Қозоқларга дарс бўлди, улар ҳам қўшилади, яқинда Украина ҳам қўшилмасдан иложи қолмайди, деган.

Ҳаммаси тушунарли. Ушбу 2 та давлатда бўлган/бўлаётган воқеалар бежизга эмаслигининг яққол исботи бу.

Лукашенко фикрини давом эттирар экан, Арманистон ҳам ҳеч кимга керак эмаслигини тушунди, аниқ бизга қўшилади, Озарбайжон сал сўроқ остида, чунки уни Туркия жуда қаттиқ қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳам қўшилмасдан бошқа иложи қолмайди, деган.

Бу икковлон суҳбат жараёнида ягона армия, ягона пул бирлиги ва ягона мудофаа чегараси ҳақида ҳам гапиришган. Энг кулгилиси, "биз бунга мажбурмиз, чунки ғарб бизга умумий душман эканлигини кўриб турибмизку", дейишган. Россия ва Беларусь шахсий жунни аралаштириб юбормаяптими, мабодо?

Ўтган сафар Қозоғистондаги воқеалар фонида ҳам Лукашенко ўзича Ўзбекистонни огоҳлантириб, сабоқ чиқаришга чақирган эди. Бунга Шавкат Мирзиёев жавоб қайтариб, буни асоссиз баёнот деб баҳолаганди.

«Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», - деган эди давлатимиз раҳбари.

Энди булар яна навбатдаги ахборот ҳужумини уюштиришибди. Мақсад очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бир амаллаб эски империяни тиклаб олиш ва ҳаммани ягона давлатга бирлаштириш.

Аввал айтганимдек, илгари бунга яширин даъватлар қилинган бўлса, энди сурбетларча очиқ тарғибот ва баъзи жойларида таҳдидга ўтишмоқда.

Улар тушунмаяптики, Ўзбекистоннинг ўз танлаган йўли ва принциплари бор. Ўзбекистон у хоҳ шарқ бўлсин, хоҳ ғарб бўлсин, бошқа давлатлар билан тенг шерикликдаги ўзаро манфаатлар юзасидан ҳамкорлик қилади. Худо хоҳласа, доим шундай бўлиб қолади.

Россия ва Беларусь эса ўзининг АҚШ ҳамда Европа билан боғлиқ муаммолари, санкцияларини ўзи ҳал қилсин. Бизни бунга аралаштирмасин. Ва бизнинг тақдиримизни биз учун ҳал қилишни ҳам йиғитиришгани маъқул. Ўзбекистон тақдирини ўзбек халқи ҳал қилади, илоҳим, бошқаларга кунимиз қолмасин.


@xushnudbek