Get Mystery Box with random crypto!

Хадича онамиз Расулуллоҳ (сав)нинг биринчи ва суюкли жуфти ҳал | Husanproduction

Хадича онамиз Расулуллоҳ (сав)нинг биринчи ва суюкли жуфти ҳалоллари эди. Энг биринчи иймон билан шарафланган уммат, Расулуллоҳ (сав)нинг орқаларида туриб биринчи намоз ўқиган бахтли аёл эди. 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича разияллоҳу анҳога ўта вафодор эдилар. Тез-тез эслаб, унинг яқинларидан хабар олиб турар эдилар. Бир куни ҳовлиларида синглисининг шарпасини сезиб қолдилар. Овози Хадича онамизнинг овозларига ўхшаб кетганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ! Бу унинг шарпасими?” деб юборганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп эслаб юрганларидан ҳатто Оиша разияллоҳу анҳо қалбидаги ҳиссиётларни тута олмасдан:
-   Қурайш кампирларидан бўлган бир оғзи қизил кампирни бунча эсламасангиз! Ўтиб кетган бўлса, Аллоҳ таоло сизга ундан яхшироғини бермабдими? – деб юборган эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгариб, ғазаблари келиб:
-   Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга ундан яхшироғини бермади! Одамлар инкор қилиб турганларида менга имон келтирган эди! Одамлар ёлғончига чиқарганда у мени тасдиқлаган эди! Одамлар мендан молларини дариғ тутганларида мол-дунёсини менга сарфлаб юборган эди! Аллоҳ таоло менга бошқа хотинларимдан эмас, ундан фарзандлар ато этган! – деган эдилар.

Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларининг ҳеч биридан Хадичадан рашк қилганимчалик рашк қилмаганман. Ҳолбуки уни умуман кўрмаганман. Лекин уни кўп эслардилар. Гоҳо қўй сўйиб, тақсимлар эдилар. Сўнг Хадичанинг дугоналарига юборар эдилар. Гоҳида мен у зотга: “Дунёда худди Хадичадан бошқаси бўлмагандек!” десам, “У бўлган эди, бўлган эди! Ундан менинг фарзандларим бўлган!” дер эдилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Ривоят қилишларича Жаброил алайҳис салом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Аллоҳ таоло Хадича разияллоҳу анҳога жаннатдан бир мақом тайёрлаб қўйгани ва у жойда шовқин сурон йўқлигини айтдилар. Сўнг бу мақом берилишининг сабаби – Хадича разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор марта ҳам овозини кўтариб гапирмаганлиги учун мукофот эканлигини айтдилар.

@husanproduction