🔥 Burn Fat Fast. Discover How! 💪

​Талабаларга мурожаат! Ҳурматли, талабалар. Сизларга бир такл | Qobulov_TFI

Талабаларга мурожаат!

Ҳурматли, талабалар. Сизларга бир таклифим ва тавсиям бор. Ишонаман, бу таклиф сизни қизиқтиради.

Ҳозир деярли барчангиз таътилдасиз. Бошқа ҳудудларда ўқийдиган юз минглаб талабалар ўз уйларига, туман/шаҳар ёки қишлоқларига қайтишган. Ҳадемай яна ҳамма ўқишга қайтади. Аммо ўқишга қайтишдан аввал ўзингиз туғилиб ўсган маҳалла учун фойдангиз тегиши мумкинлигини биласизми?

Маҳаллангизда ичимлик суви билан муаммо борми?
Сиз яшайдиган жойда ички йўллар расвоми?
Алоқа сифатида муаммолар борми?
Кўчаларда электр устунлари (столба) эскирганми?
Маҳаллангизга оптик толали интернет тортиш керакдир?
Болалигингиз ўтган мактаб ёки боғчани таъмирлаш керакми?
Балки кутубхона, болалар ёки спорт майдончаси қуриш керакдир?

Шунча муаммо бор экан, унда нега имкониятдан фойдаланмаяпсиз?

https://openbudget.uz сайтида фуқаролар томонидан маҳаллий бюджет маблағларининг бир қисмини мақсадли сарфлаш учун таклифлар қабул қилинаётгани ҳақида аввал ҳам ёзгандим. Бутун республика бўйича жами 157 млрд сўм маблағ ажратилган. Битта таклиф қиймати максимум 1 млрд сўмдан ошмаслиги керак.

Туман/шаҳар кесимида маблағлар турлича, чунки топган пулига боғлиқ. Масалан, Фарғона шаҳрига 11 млрд, Асака ва Ғиждувонга 10 млрд, Чустга 8 млрд, Хатирчи, Қарши, Олтинсой ва Хонқа туманларига 7 млрддан пул ажратилган. Тўлиқ рўйхат бу ерда.

Ҳозиргача порталда 8500 та таклиф қолдирилган.

Порталнинг ишлаш тартиби қанақа?

openbudget.uz сайтида рўйхатдан ўтасиз;
Ташаббус қолдирасиз (муаммоли жой суратини ҳам юкланг);
Овоз бериш жараёни бошлангач, маҳалладошларингиз орасида ўша ташаббусни тарғиб қиласиз;
Ҳудудлар кесимида энг кўп овоз олган ташаббусга бюджетдан пул ажратилади.

Нега айнан талабаларга мурожаат қиляпман?

Чунки сизлар интернетдан фойдаланишни нисбатан яхшироқ биласиз. Ҳозир бўш вақтингиз кўпроқ. Бундан ташқари бутун дунёда ҳам бунақа ташаббускор лойиҳаларда айнан талабалар фаол бўлишади, ўзаро бирикиб волонтёрлик жамоалари тузишади ҳатто. Бизда ҳам талабалар анақа шунақа фаол бўлишини истайман.

Шошилинг, ташаббуслар 1 августга қадар қабул қилинади. Ҳозироқ маҳаллангиз учун нима кўпроқ кераклигини яхшилаб ўйланг. Агар бирор жойни, масалан йўлни таъмирлаш керак бўлса, тезда расмга олинг. Ташаббус қолдиринг. Овоз тўпланг. Ва жамоатчилик учун фойдаси тегадиган ташаббусга муаллифлик қилинг.

Лоқайд бўлманг, талабалар!

Ҳа, айтганча, бу порталда фақат талабалар эмас, исталган бошқа шахслар ҳам ташаббус қўшишлари мумкин.


@xushnudbek