🔥 Burn Fat Fast. Discover How! 💪

#ҳайъат_мажлиси #коллегия Ҳайъат мажлиси: 2021 йилнинг I яр | Soliq xizmati xabarlari - Rasmiy kanal

#ҳайъат_мажлиси
#коллегия

Ҳайъат мажлиси: 2021 йилнинг I ярим йиллиги сарҳисоб қилинди

Бугун, 2 август куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев бошчилигида Давлат солиқ қўмитасининг навбатдаги жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги сарҳисобига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган йиғилишда Давлат солиқ хизмати органларининг 2200дан зиёд раҳбар ходимлари иштирок этди.

Ҳайъат мажлисида бюджетга қўшимча захираларни аниқлаш, солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш, тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган туман (шаҳар)ларда, 4-сектор ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги муҳокама қилинди.

2021 йилнинг I ярим йиллигида:
бюджетга 61,4 трлн.сўм туширилиб, 5,3 трлн.сўмлик қўшимча даромадлар жалб этилди. Бу солиқ тушумлари пандемиядан олдинги 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 бараварга ўсганини англатади.
4-сектор ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 3 поғонали “маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 232 149 нафар фуқаронинг 156 931 нафари иш билан таъминланди.
Ҳудудларда паррандачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида 4-секторларга бириктирилган 1 956 та МФЙларда 3 850 га яқин инкубатор ташкил этилди.

ДСҚ Раиси Шерзод Кудбиев бу натижа тизимдаги барча ходимларнинг меҳнат самараси эканлигини таъкидлади.

Тушумлар ошишига прогноз кўрсаткичларини бажарган ҳудудий давлат солиқ бошқармалари ва инспекцияларини рағбатлантириш институтининг жорий этилганлиги ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Мисол учун, 2021 йил январь ойида прогноз кўрсаткичларини муддатидан олдин бажарган 3 та бошқарма ва 65 та инспекция рағбатлантирилган бўлса, июнь ойида бундай бошқармалар сони 8 тани, инспекциялар эса 159 тани ташкил этди.

Ҳайъат йиғилишида Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот бўйича ўтказилган ташқи аудит натижалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 июлдаги 446-сон қарорига асосан тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш, Бош прокуратура томонидан давлат солиқ хизмати органларида ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳақидаги масалалар муҳокама қилиниб, натижасига кўра Ҳайъатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тelegram | Facebook | Youtube| Instagram