Get Mystery Box with random crypto!

Ўғил болаларга ўқитувчилик касбини танлашни тавсия қилмайман. | Tarix Education

Ўғил болаларга ўқитувчилик касбини танлашни тавсия қилмайман. Бу мен учун оғир сўз, аммо шу кунларга гувоҳ бўлган 20 йилдан ортиқ устоз сифатида шуларни айтишга мажбурман. Касбимизда ҳеч қандай имтиёз йўқ. Ваҳоланки, бош қомусимизда ҳамма тенг ҳуқуқли деб ёзилган. Ҳарбийлар, ички ишлар ходимларига имтиёз, турар жойлар берилади, фарзандларига ОТМларга кириш учун имтиёз ва енгилликлар берилади, насиб қилсин. Лекин, уларни ўқитган оддий мактаб ўқитувчисига эса ҳеч нарса йўқ. Aфсус. Кино санъатини олинг: энг яхши эркак актёр, энг яхши аёл актёр, энг яхши иккинчи даражали рол, энг яхши эпизодик рол, энг яхши дебют рол ва ҳ.к. Ўқитувчиларда ҳам бўлсин: энг яхши синф раҳбар, энг яхши бошланғич фан ўқитувчиси, энг яхши мутахассис (фаолияти уч йилгача бўлганлар), энг яхши кекса ўқитувчи (50ёшдан кейин), энг яхши аёл ўқитувчи, энг яхши эркак ўқитувчи...

Эҳ, гапирай, десам гап кўп. Ҳеч эътибор берганмисиз, касалхона, ҳокимият, банк, прокуратура бинолари олдида автомашиналар турар жойи бор. Aвтомашиналар қатор туради. Лекин бирорта мактаб олдида булар йўқ. Бўлсин ҳам демайман. Чунки ўқитувчиларнинг бирортаси рўзғоридан ортиб, кредит билан бўлсада, машина ололмайди. Бу аниқ. Aниқ айта оламан, мактаб ўқитувчиларининг нари борса 5% да машина бордир (бизда 200дан зиёд ўқитувчилар бор, шулардан иккитасида машина бор. Aйтишга ҳам уяласан киши). Эркак ўқитувчилар 9 нафар. Мана сизга баҳо. Балки бу фикрларим кулгилидир, аммо ҳақиқат.

Хизмат юзасидан ҳокимият, банкларга борамиз. Чиройли бинолар, айниқса, қишда иссиқ. Чиққинг келмайди. Ходимлари енгил кийимларда юришади. Ҳавасим келади. Мактабларда эса бечора (ҳақиқатда бечора у) ўқитувчилар палто, куртка билан дарс ўтамиз. Мазза қилибмас, мажбур бўлиб. Болаларга раҳмимиз келади. Ҳазиллашиб баҳор яқин, деб қўяман баъзан. Қаттиқ совуқ кунлари "ақлли" ота-оналар болаларини мактабга юборишмайди ва тўғри ҳам қилишади. Мен ҳам шундай қилдим, гарчи ўзим ўқитувчи бўлсамда. Чунки ота-онага фарзандининг аввало соғлиги муҳим. Ўша машҳур биноларнинг ремонти ҳам чиройли.Ташқи фасадлари одамни ўзига жалб қилади. Кечалари бинонинг номи чироқлар билан ёритилади. Ўша ерда ишлайдиган ходим ўз оиласи, фарзандлари билан ўтиб қолса, тунги чироқлар бинони янада гўзал ва жозибали қилиб кўрсатади. Фарзандлари эса отаси билан фахрланади. Балки бу арзимас фикрдир, аммо бола қалбида, бола дунёсида бу катта акс-садо беради ва келажакда у ҳам ота касбини эгаллашни орзу қилади. Энди секин мактаб томон ўтинг. Фақат эҳтиёт бўлинг. Қоронғуда қоқилиб кетманг. Қўшнининг ити сизни ҳуркитмасин. Бунда қандай қилиб фарзанд ота касбини эгаллсин...

Эркин Исматович

P.S.: Ўқитувчиларга юборамиз. Сиз эса тафаккур қилинг!

#Tafakkur3
@Tarixdan_testlar