Get Mystery Box with random crypto!

Бораман Келолмади, деманг аламга ботиб, Бир куни, албатта, си | Baxtiniso Mahmudova

Бораман

Келолмади, деманг аламга ботиб,
Бир куни, албатта, сиз деб бораман.
Ёлғонимни ростим бағрига отиб,
Уларни шеър қилиб тизиб бораман.

Бу шеърга жо бўлар нигоҳларингиз,
Сатрлари аро кезиб бораман.
Қайтмади, деб тортган оҳларингиз
Мавжларида оқиб, сузиб бораман.

Кўзингиз пайқамай қолар ўша дам,
Ҳатто еллардан ҳам ўзиб бораман.
Кипригимга қўнар бутун бир олам,
Бахтнинг гулларидан узиб бораман.

Кўнглингиз ғашламанг, йўлимга боқиб,
Бир кун сукунатни бузиб бораман.
Ишқ, соғинч ўтида ҳижронни ёқиб,
Висолдан ўланлар тузиб бораман.

@Baxtiniso