Get Mystery Box with random crypto!

​​#тақриз Андрей Платоновнинг социалистик руҳдаги 'Жон' асар | «Аkademnashr» nashriyoti

​​#тақриз

Андрей Платоновнинг социалистик руҳдаги "Жон" асари 1930-чи йиллар охирларида ёзилган бўлиб, фантастик жанрдаги асарлар қаторига киради. Асар ўқувчига ҳаётдан тамомийла умидини узган, бутун умр қийинчиликлардан боши чиқмаган, ҳаёт калтакларидан "ҳушини" йўқотган, ҳеч кимга керак бўлмаган ва жонидан ортиқ ҳеч нарсаси қолмаган туркман халқи қисмати тўғрисида сўзлаб беради. Муаллифнинг ёзишича, "жон" сўзининг туркман тилидаги маъноси "бахт қидираётган қалб" экан.

Андре Моруа ўзининг машҳур "Нотаниш Аёлга Хатлар" асарида, дунёда энг кам учрайдиган севги бу "беминнат севги", яъни бир инсон ўз севгиси эвазига иккинчи инсондан ҳеч нима талаб қилмаслиги, деб таъкидлайди. Қуйидагиларни ўқишингиздан аввал "севги" сўзини фақатгина қиз ва йигит ўртасидаги ишқий муносабат сифатида кўрмаслигингизни илтимос қилиб қолган бўлар эдим. Демак, бундай соф севгига эга бўлган ёки, тўғрироғи, эга бўла олган инсонлар ўз қизиқишлари, эхтиёжлари, истаклари, орзулари, принциплари ва, ҳаттоки, ўз ҳаётидан ҳам қолганларникини устун қўяди. Бир инсонни беминнат сева олганларга мисол қилиб ота-онанинг ўз фарзандига бўлган севгисини келтиришимиз мумкин: жонини ҳам фарзанди учун фидо қилишга тайёр бўлган ота-она ўз фарзандидан арзимас ёрдам сўрашга тортинади, чекинади.

Бундай гўзал севгига яна бир мисол қилиб, француз ёзувчиси Оноре де Бальзакнинг "Даҳрийнинг Ибодати" қиссасидаги 40-ёшлар атрофида бўлган Буржанинг ёш йигит Депленга бўлган севгисини кўрсатиш мумкин. Буржа ўзининг бирламчи эхтиёжларидан ҳам Депленнинг иккиламчи эхтиёжларини устун қўйган эди. Сиз бундай фидокорликларга қодирмисиз?

Моруа-ю Бальзакнинг А. Платоновнинг "Жон" асарига қандай алоқаси бор, ахир тақриз бу асар ҳақида эди-ку, деб ҳайрон бўлаётган бўлсангиз, "Жон" асарида ҳам Моруа ва Бальзак ўз асарларида аниқ таърифлаб ва маҳорат билан тасвирлаб берган ўша нодир ва беминнат севгининг яна бир мисолини кўришингиз мумкин.

Яшамаётган ва яшашга ҳоли қолмаган; шунчаки мавжуд бўлган Жон халқи бир инсоннинг беминнат севгиси ёрдамида яна ҳаётга қайтади. Унинг тинмай қилган ҳаракатлари ва уринишлари натижада уларда ҳаётга бўлган ишончи, умиди қайтадан тикланади. Уларнинг қалбларидаги барча дардлари, яраларига бир инсоннинг севгиси малҳам бўла олади ва айнан ўша инсон ёрдамида уларнинг "бахт қидираётган қалблари" ўз орзуларига эришади.

Жон халқига умид ва ҳаёт бера олган инсон ким эди, у тўсатдан қаердан пайдо бўлиб қолди ва бу, бир халқнинг машаққатли бўлсада, одатий ҳаётини тасвирлаган, асар нега фантастик асарлар қаторига киради, асарни ўзингиз ўқиганингизда билиб олишингиз мумкин.

Муштари Мамадалиева

Обуна бўлинг: @akademnashr