Get Mystery Box with random crypto!

* * * Холиёр акам Сафаровга Йиллар келар, умр билан қўлти | Baxtiniso Mahmudova

* * *
Холиёр акам Сафаровга
Йиллар келар, умр билан қўлтиқлашиб,
Фолга тушмас асрорлари кетиб борар.
Умидлари остонада йўл тиклашиб,
Минор қурар. Деворлари кетиб борар.

Дард мангудай ишқнинг кўз-у қошларида,
Бир телбани куйдирар қуёшларида.
Лек у мастнинг кўздан оққан ёшларида
Қалқиб-қалқиб мозорлари кетиб борар.

“Яшолмайман, энди ёрсиз тирик бўлиб!”,-
Ошиқ ёнар оловларга шерик бўлиб.
Куни келса, дарё-дарё чирик бўлиб,
Дунё-дунё қарорлари кетиб борар.

Бўзтўрғайлар бўзлаб-бўзлаб келаверар,
Чумчуқ чинни кўзлаб-кўзлаб келаверар.
Қарға қариб, музлаб-музлаб келаверар,
Дили чўккан чинорлари кетиб борар.

Юки оғир карвон бўлмоқ осон эмас,
Арзондир-у, армон бўлмоқ осон эмас.
Ақл руҳга сарбон бўлмоқ осон эмас,
Ўздин олдин иқрорлари кетиб борар.

Бахт растаси. Ким берида, ким нарида,
Ғам хариди – кун юзида, тун қаърида.
Нурдан қадоқ тиланчининг қўлларида
“Об қолинг!” деб бозорлари кетиб борар.

Тириклик-дон, чумолининг оғзидаги,
Яшамоқ-ой, зил юракнинг бўғзидаги.
Ярми зулмат, ярми зиё кўксидаги-
Кузнинг рангин ифорлари кетиб борар.

Тан олмаса, хазонларни кўклам боғи,
Сомон тусда юзларига қўнар доғи.
Сочда қиров, бармоқларда асо чоғи,
Эгик қадда инкорлари кетиб борар.

Кўнглим қушдай ғуборларга учиб борар,
Гулчеҳрали озорларга кўчиб борар.
Ҳаққа ҳурлар диёрини кечиб борар,
Ака, қаранг, мени шоир қиламан деб,
Йўлагимнинг баҳорлари кетиб борар, Юрагимнинг оҳорлари кетиб борар.

Йиллар келар, умр билан қўлтиқлашиб...


@baxtiniso