2021-05-15 17:46:02
152 боб. Хурмони чамалаб ўлчаш
Лумайд Сўидий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «(Бу воқеа) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга «Табук» ғазотига чиққанимизда бўлганди. Ўшанда, Жаноб Расулуллоҳ «Водию-л-Қуро» деган ерга етиб борганимизда, бир аёлнинг ўз боғида айланиб юрганини кўриб, саҳобаларга: «Бу аёлнинг боғидаги меваларни чамалаб кўрингизчи!» - дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўн васақ (1 васақ- 60 сў, 1 сў- 2 кг 400 гр) деб чамаладилар. Кейин, аёлга: «Меваларнинг қанча чиққанлигини ҳисоблаб қўйгин!» - дедилар. Табукка етганимизда Жаноб Расулуллоҳ: «Шу кеча қаттиқ шамол қўзгаладиган кўринади, биттангиз ҳам турманг! Кимнинг туяси бўлса, боғлаб қўйсин!»,- дедилар. Биз туяларни боғлаб қўйдик. Кейин, қаттиқ шамол қўзғалди. Бир киши ўрнидан турган эди, шамол учириб кетиб, Тайъ тоғига олиб бориб ташлади. (Шамол тингач) Айла подшоси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга битта оқ хачир ҳадя қилиб юборди. Жаноб Расулуллоҳ Айла подшосига элчиси орқали ридо (кийим) тортиқ қилиб, «Денгиз соҳилида одамлари билан шай бўлиб турсин!» деган мазмунда нома ҳам битиб, бериб юбордилар. Водию-л-Қурога қайтиб борганимизда, Жаноб Расулуллоҳ мазкур боғдаги аёлдан: «Боғинг қанча ҳосил берди?» - деб сўрадилар. Аёл: «Ўн васақ»,-деб айтди. Жаноб Расулуллоҳнинг чамалари тўғри чиқди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ: «Мен Мадинага шошиб турибман, кимки Мадинага мен билан тезроқ боришни истаса, юрсин!»-дедилар. Ибн Баккор: «Менинг учун энг азиз шаҳар!» - деган эди, Жаноб Расулуллоҳ: «Бу Тобадир! (яъни, Мадинадир)»,- дедилар. Кейин, Уҳуд тоғини кўриб: «Бу тоғ бизни яхши кўради, биз ҳам уни яхши кўрамиз, ансорлардан кимларнинг ҳовлиси яхши эканлигини сизларга айтайми?»-дедилар. Саҳобалар: «Ҳа»,- дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Баний Нажжорнинг ҳовлиси, Баний Абду-л-Ашҳалнинг ҳовлиси, Баний Сўиданинг ёки Банийю-л-Ҳарас ибн ал-Ҳазражнинг ҳовлиси»,- дедилар, кейин: «Ҳар бир ансорийнинг ҳовлисида яхшилик мавжуддир»,- деб қўшиб қўйдилар».
@Dove_pg
38 views °•Nazokat Boliyeva•° , edited 14:46