Get Mystery Box with random crypto!

​​ АЁЛИГА МУОМАЛА ҚИЛИШ Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай де | 𝕀𝕊𝕃𝕆𝕄 𝕍𝔸 𝕆𝕏𝕀ℝ𝔸𝕋

​​ АЁЛИГА МУОМАЛА ҚИЛИШ

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай деганлар:

«Мен ҳоиза пайтимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирардилар. Бирга ўтириб овқат ердим. Менга гўштли суякни узатар, мен ундан тишлаб қўярдим. Сўнг айнан мен тишлаган жойимга оғизларини қўйиб, сўякнинг гўштидан ер эдилар. Сувни ҳам худди шундай қилар, аввал менга сувни узатар, сўнг идишдан мен ичган жойимга лабларини қўйиб сув ичар эдилар».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишдан ғусл қилар эдик. Қўлларимиз унга навбатма‑навбат кириб-чиқар эди. Ҳатто «Менга ҳам қолдир», дердилар. «Менга ҳам қолдиринг», дер эдим».

Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг қучоқларида ёнбошлаб Қуръон ўқирдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мен ҳайзли пайтимда у зот менинг қўйнимга суяниб олиб, Қуръон ўқирдилар».
Муттафақун алайҳ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи аёллари ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари ўз ходимларидан бир идишда таом солиб юбордилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйида турган (аёл) ходимнинг қўлига урди. Идиш тушиб, иккига бўлинди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва «Онангиз рашк қилди», - дедилар.

Сўнгра у зот хизматчини ҳам, идишни ҳам токи у зот уйида турганнинг ҳузуридан идиш келтиргунча, тутиб турдилар. Бас, бутун идишни синганга ва синган идишни синдирганга бердилар».
Бухорий ривоят қилган.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Термизий ва Бухорий ривоятлари.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳони эркалаб чақирганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Эй Оиш, бу Жаброил сенга салом айтяпти" дедилар. "Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз", дедим".

Имом Бухорий ривоятлари.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзан Оиша онамиз розияллоҳу анҳони Ҳумайро деб чақирардилар. Бунинг маъноси "Қизил югурган оқ юзли аёл" дегани. Арабларда бундай сифатдаги аёл-қизлар кам эди.