Get Mystery Box with random crypto!

КАМБАҒАЛЛИК ЭШИГИ Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади: « | Жума Муборак

КАМБАҒАЛЛИК ЭШИГИ

Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақадан мол камаймайди. Қай бир киши ўзи учун тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ таоло унинг тепасидан фақирлик эшигини очиб қўяди», дедилар».


Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда зикр қилинган маъно улкан ҳикматдир. Зоҳирда, одамларнинг кўзида садақа берган одамнинг моли шу садақа миқдорича камайгандек бўлади. Бироқ аслида унинг моли камаймайди. Чунки Аллоҳ таоло бирнинг ўрнига етти, ўн, етмиш, етти юз ҳисса беришни ваъда қилиб қўйган.
Зоҳирий, моддий кўриниш ҳисоб эмас, асосий ҳисоб Аллоҳ таолонинг ҳисобидир.
Банданинг садақаси қабул бўлса, Иншааллоҳ, бу нарса унга жуда катта миқдорда қайтади. Садақа қилаётган киши шу ниятда қилса, садақасининг фойдасини албатта кўради, мол-мулк ҳеч қачон садақа туфайли камаймайди.
Худди шунингдек, ким ўзига тиланчиликни раво кўрса, умр бўйи тиланчи бўлиб ўтиб кетади, чунки Аллоҳ таоло унга камбағаллик эшигини очиб қўяди. Ўзига тиланчиликни эп кўрган одам бир умр бой бўлмайди, ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймай, хорликда ўтиб кетади.
Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бу нарсани ўзларига эп кўрмасликлари керак, касб қилиб олмасликлари, бу нарсалардан ўзларини устин қўйишлари лозим.
Мўмин-мусулмон киши Аллоҳдан сўраб, тинмай ҳаракат қилиши, садақа сўраш эмас, балки садақа қилиш пайидан бўлиши керак.

"Яхшилик ва силаи раҳм" китобидан.
Каналга уланинг:
t.me/mehrob_uz