Get Mystery Box with random crypto!

Ҳаммасини биламан Азоб ботар кўксима армонларим ўқмиди? Олисд | Baxtiniso Mahmudova

Ҳаммасини биламан

Азоб ботар кўксима армонларим ўқмиди?
Олисда юрган билан онам кўнгли тўқмиди?
Отамнинг мендан бошқа ўйлар ўйи йўқмиди?
Кўнглим ердек айлана, ҳаммасини биламан.

Изтиробни учирмас, шамоллар елган билан,
Орзуни териб бўлмас, киприкни терган билан,
Нега гуллай олмайман, баҳорлар келган билан?
Менга эртак сўйлама, ҳаммасини биламан.

Кўзимга чўкиб қолди, бир юракнинг доғлари.
Қалбимни соқов қилди, соқов туннинг “оҳ”лари.
Елкамдан босиб турар кимнингдир гуноҳлари,
Билмайди, деб ўйлама, ҳаммасини биламан.

Дарддан сув ичиб ётган ой қуёшим кўп менинг,
Аламдан эти қотган сабр-у дошим кўп менинг.
Қирқ ғамдан илдиз отган чақир тошим кўп менинг,
Юрагимга бўйлама, ҳаммасини биламан.

Тутандириқ дил бўлди, шамингни ёқолмадинг,
Бахтга эшик очдинг-у, ҳижронга ёполмадинг.
Не учун шу кунгача ўзингни тополмадинг,
Бахтинисом йиғлама, ҳаммасини биламан.

@baxtiniso