2022-05-22 17:35:04
ЭЗМА ЧОЛЛАРЙигитлар чарчамас сўзлашиб дилдор,
Дўндиқ аёллардан, хушхаёллардан.
Оловдан қочгандай турфа жонивор
Юлқиниб қочамиз эзма чоллардан.
Аммо тақдир бизга осмайди қулоқ,
Рўбарў қилади нохуш ҳолларга.
Бизни жононларга учратиб камроқ,
Кўпроқ дучор этар эзма чолларга.
Гарчи ҳаёт бизни яратган бардам,
Бизга ато қилган мустаҳкам оёқ,
Инқиллаб юргувчи эзма чоллардан
Баъзида қочолмай қоламиз бироқ.
Ҳар бирининг битта гина, ёзғири,
Ҳар бирининг битмас бир достони бор.
Ана, оқсоқланиб келмоқда бири,
Қоч, тили тагида палахмони бор.
Улар овчи, бизлар қуёнмиз фақат,
Билмасдан қоламиз тутилганимиз.
Гоҳида биз учун чексиз саодат
Насиҳатдан омон қолганимиз.
Лекин биз билмаймиз, чоллардаги феъл,
Асли бу оламнинг адолатидир.
Қочиб юрмоғимиз бизларнинг бу хил
Камоли нодонлик аломатидир.
Билмаймизки, чоллар олам ҳикматин
Қолдириб кетсинлар дея табиат -
Олса ҳам кўздан нур, белдан қудратни,
Улар забонини қилган бақувват.
Билмаймиз, бизга энг мустаҳкам асо -
Асо ушлаган шу қомати доллар.
Бизга насиб бўлган бойликлар аро
Энг бебаҳо бойлик - шу эзма чоллар.
Уларнинг ҳар бири бир дорилфунун,
Тирик тарихимиз, ҳаёт дарсимиз.
Бахтлимиз, келажак олдида бир кун
Узолсак улардан олган қарзимиз.
Майлига, ҳар қанча қиссаси маҳзун,
Майли, эзмалиги ўтса жонлардан.
Бу дунё мукаммал бўлмоғи учун
Бизни айирмасин эзма чоллардан.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1983 йил. www.facebook.com/evohidov
www.t.me/Erkin_Vohidov
www.erkinvohidov.com
612 viewsNigora Umarova, edited 14:35