2022-05-31 21:36:51
Дадажонимнинг худди ЎЗИ! Наргиза ВОҲИДОВА, шоирнинг келиниБу хонадонга келин бўлиб тушганимда жуда ёш эдим. Юртга машҳур, эл суйган инсонга келин бўлишнинг ўзига яраша юки бор эди. Катта ҳаяжон билан қандай қилсам уларнинг кўнглини топсам экан, нима қилсам дадажоним ва ойижонимга ёқар эканман, деб ҳаракат қилардим. Доно, зийрак ойижоним менга рўзғорда, муомалада жуда кўп нарсани ўргатдилар, бундай муҳитда тарбияланганим оилавий ҳаётни давом эттиришда жуда катта ёрдам берди.
Шу оилага, шундай мўътабар инсонларга келин эмас, қиз бўлиб тушганим учун Яратганга шукроналар айтаман. Дадажоним билан ойижонимнинг юриш-туришлари, бир-бирларига самимий муносабатларини кўриб уларга бўлган ҳурматим ортиб борди. Дадажонимни ишга кузатишларидан бошлаб, қайтганларида кутиб олишларигача ҳаммаси мен учун катта мактаб бўлди. Ишдан сўнг уйга “Онаси!” деб, очиқ чеҳра билан кириб келардилар. Ўзаро ҳазил-ҳузул қилишиб, уйимизга файз, нур кирарди.
Дадажонимнинг ажойиб хислатлари жуда кўп эди. аввало, жуда камтар эдилар. Фарзандларининг табиатига, кайфиятига қараб дилимизни оғритмасдан сўзлардилар. Невараларига меҳри бошқача эди. Ўзлари давлат идораларида, масъулиятли вазифаларда хизмат қилаётган бўлсалар-да, улар билан бафуржа суҳбатлашардилар. Фахриёр ва Ифтихор ҳар томонлама билимли, баркамол бўлишлари учун ҳар соҳа – тарих, сиёсатдан гапирардилар. Бирга кроссвордлар ечишарди. Ўғлим Фирдавсга шахмат ўйнашни кичикналигидан ўргатганлар. Ўғлим “шахмат ўйнайлик” деб қолса, қувониб кетардилар ва ҳафа бўлмасин деб атайлаб ютқазиб ҳам берардилар.
Охирги бир-икки йил бетобланганларии сабаб, дадажоним тез-тез “Фахриёр боламнинг тўйини кўрармикинман”, деб хўрсинардилар. Тақдир бўлиб ўғлимни яхши хонадон фарзанди билан унаштирдик. Тўйга тарддуд бошланди. Дадажонимиз жуда хурсанд эдилар. Тўй уларнинг бош-қошлигида ўтди. Оз фурсат бўлса ҳам, набира келин Нодирахоннинг қўлидан чой ичдилар. Лекин бандаси Аллоҳим белгилаган умрнигина яшар экан, набирамиз Элёржонни кўрмадилар. Гўдаккинани қўлимга олдиму, юрагим титраб, кўзимга ёш тўлди. Дадажонимнинг худди ўзи! Воҳидовлар сулоласининг яна бир давомчиси дунёга келди!..
Дадажоним уйимизнинг фахри, файзи, севимли пушти паноҳи эдилар. Улар ҳамиша қалбимизда, илоҳим, охиратлари обод бўлсин!
131 viewsNigora Umarova, 18:36