2022-06-22 11:09:06
ФУЗУЛИЙ ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,
Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.
Карбало даштида яёв кезишдан
Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.
Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,
Шоир ўйларига бермагил халал.
Устоз юрагида шеър туғилмоқда,
Дунёга келмоқда бир мунис ғазал:
"Сабо, ағёрдан пинҳон ғамим дилдора изҳор эт,Хабарсиз ёрими ҳоли ҳар обимдан хабардор эт,Кўнгил, ғам гунларин танҳо кечурма, иста бир ҳамдам,Ажал хобиндин афғонлар чекиб Мажнунни бедор эт".Япроқлар тебранар шеър мақомига,
Чечаклар жимгина эгиб турар бош.
Мармар сарҳовузнинг кумуш жомига
Шоир кўзларидан оқиб тушар ёш.
Боку боғларига чўкмоқда оқшом,
Денгиз мавж уради товланиб зарҳал.
Шоир юрагидан тошганда илҳом,
Ёш билан қуюлиб келади ғазал:
"Паришон ҳолинг ўлдим, сўрмадинг ҳоли паришоним.Ғамингдан дарда туштим, қилмадинг тадбири дармоним,На дерсан, рўзигорим бўйлами кечсун, гўзал жоним.Гўзим, жоним, афандим, севдигим, давлатли султоним".Ошиқлар ухлайди саҳарга томон
Фузулий девонин бошига қўйиб.
Мажнун севгисидан ўқилса достон,
Булбуллар тинглайди бутоққа қўниб.
Халқим жондин севар дилбар куйларни,
Халқим шеъриятга шайдодир азал.
Нечун банд этмасин фикру ўйларни,
Нечун маҳв этмасин қалбларни ғазал?! —
"Муқаввас қошларингким, ўсма бирла ранг тутмишлар,Қиличлардирки қонлар тўкмак ила занг тутмишлар.Саҳар булбуллар афғони дагил беҳуда гулшанда,Фузулий нолаи дилсўзина оҳанг тутмишлар".Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,
Бунчалар серишва, бунчалар серноз.
Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо
Фузулий шеърига ошиқлигим рост.
Мажнундек беором бўлиб қолганим
Сарсари югурган тўлқинлар айтсин,
Кечалар уйқусиз шеър ёд олганим
Тонгги уфқдаги ёлқинлар айтсин.
"Шифои васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан
сўр,
Зулоли шавқ-завқин ташнаи дийдор ўландан сўр
.
Кўзи ёшлуларинг ҳолин на билсун мардуми ғоф
ил,
Кавокиб сайрини шаб то саҳар бедор ўландан сўр".
Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,
Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.
Карбало даштида яёв кезишдан
Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.
Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,
Шоир ўйларига бермагил халал.
Устоз юрагида шеър туғилмоқда,
Дунёга келмоқда янги бир ғазал.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов Ажратиб
кўрсатилган байтлар Фузулий шеъриятидан.
www.facebook.com/evohidov
www.t.me/Erkin_Vohidov
www.erkinvohidov.com
958 viewsNigora Umarova, edited 08:09